Мамлакатимизда иқтисодиётни модернизация қилиш ва диверсификациялаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда ташқи савдони эркинлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш соҳада амалга оширилган тизимли ишларнинг асосини ташкил этди.
Экспорт қилинадиган барча товар ва хизматлар учун божхона тўловлари, лицензиялаш ва экспорт қилиш тизими бекор қилинди, барча импорт чекловлари олиб ташланди. 60 фоиздан зиёд товар турлари учун ноль қийматда божхона тўловлари белгиланди. Шу тариқа Ўзбекистонда божхона божи 6,45 фоизгача камайтирилди. Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг 2017 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз юритилди.
2017 йил барча соҳада бўлгани каби ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш, чет эл бозорларида талаб юқори бўлган маҳсулотлар экспортини ва турларини кўпайтириш учун зарур шароитлар яратилди. Масалан, экспортни рағбатлантириш мақсадида маҳсулотларга олдиндан тўловларни амалга оширишдан воз кечилиб, кафолат мажбуриятларини олмасдан ташқи бозорга маҳсулот етказиб бериш тизими яратилди. Лицензиялашдаги эскирган тартиблар бекор қилинди, экспорт учун солиқ имтиёзлари кенгайтирилди.
Шунингдек, экспорт битимлари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати 120 кунгача узайтирилди. Божхона тизими бўйича ҳам тадбиркорлар учун қатор қулайликлар яратилди.
Иқтисодиётни либераллаштириш ҳақида сўз борганда, миллий валютани эркин конвертация қилиш имкониятининг яратилганини таъкидлаш зарур. 2017 йил сентябрь ойидан бошлаб мулкчилик шаклидан қатъи назар, экспортдан тушган валютанинг бир қисмини мажбурий сотиш тизими бекор қилингани кичик ва хусусий бизнесни қўллаб-қувватлашни янада рағбатлантириш ва ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш имконини бермоқда.
Жорий йил ҳам ташқи иқтисодий соҳада хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш сиёсати давом эттирилди. 2017 йил 20 дан зиёд олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, 60 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилот раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Бунинг натижасида 11 миллиард АҚШ долларилик экспорт шартномалари тузилди.
Ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаровнинг қайд этишича, айни пайтда 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг экспорт фаолиятини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган. Ушбу концепция Ҳаракатлар стратегияси ижросини изчил таъминлаш, мамлакат экспорт салоҳиятини янги маҳсулот турларини ўзлаштириш ҳисобидан кенгайтиришни ташкил этишга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга. Унинг ҳаётга муваффақиятли жорий этилиши келгусида мамлакатимиз экспорт ҳажмини 2,5 бараварга оширишга хизмат қилади.
Тадбирда вазирлик томонидан 2018 йилда ташқи савдони рағбатлантиришни давом эттириш борасида амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.