2016 йилга бағишланган 2017 йил 18 майдаги навбатдаги умумий йиғилиш

“URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти акциядорларининг Саноатчилар кўчаси 417-А уй 2017 йил 18 май соат 11-00 да бўлиб ўтган
2016 йил молия-хўжалик фаолияти якунларига бағишланган навбатдаги умумий ҳисобот йиғилиши баёни

 18 май 2017 йил                                          Урганч шаҳри

Йиғилишни жамият кузатув кенгаши раиси Низомиддин Вапаев очиб, йиғилиш кворумини аниқлаш учун саноқ комиссияси раиси Джуманиязов Бахтиёрга сўз берди. Б.Джуманиязов сўзга чиқиб, жамиятнинг овоз берувчи акциялари эгаси бўлган акциядорлар эгалик қилган овозларнинг умумий сони 2 268 367 дона. Йиғилишда қатнашаётган акциядорлар эгалик қилган овозлар сони 1 822 429 дона эканлиги йиғилиш кворумини 76,9 %ини ташкил қилиши ҳақида тузилган саноқ комиссиясининг 1-сонли далолатномасига асосан йиғилишни ўтказиш ваколатли эканлиги тўғрисида маълумот берди. Йиғилишда жамият акцияларининг “O`zvinosanoat-Xolding” холдинг компаниясига тегишли пакетнинг ишончли вакили сифатида Н.Вапаев қатнашмоқда. Бундан ташқари, йиғилиш ишида Хоразм вилояти Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси мутахассиси А.Қодиров қатнашмоқда. Мажлисда  жамият бош иқтисодчиси Ж.Ризаев сўз сўраб, йиғилишни тартибли олиб бориш учун йиғилиш раиси, котиби, раёсати ва саноқ комиссияси аъзоларини сайлаш тўғрисида фикр билдирди ва йиғилиш раислигига Н.Вапаевни, котибликка М.Каримовни, раёсатга “O`zvinosanoat-Xolding” холдинг компанияси бошқарма бошлиғи Н.Вапаевни, Ҳусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси мутахассиси ҳамда кузатув кенгаши аъзоси А.Қодировни, “URGANCH SHAROB” АЖ бошқарув раиси У.Кенжаевни акциядорларнинг умумий йиғилишида қатнашувчиларни ва овоз бериш якунларини ҳисоб-китоб қилиш учун саноқ комиссиясининг миқдори ва шахсий таркибини 3 кишидан иборат бўлишини ва комиссия аъзолари Б.Жуманиёзов,  Б.Саидов ва Х.Бобожановани таклиф қилди. Овозга қўйилганда ушбу таклиф йиғилиш иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди.

Йиғилиш раиси                    Н.Вапаев

Котиби                                  М.Каримов 

МАЖЛИС КУН ТАРТИБИ. 

  1. Жамият акциядорларининг 2016 йил якунлари бўйича йиллик умумий йиғилиши регламентини тасдиқлаш;
  2. Жамият бошқаруви раисининг 2016 молиявий хўжалик йили фаолияти (бизнес-режа ижроси) юзасидан хисоботни тасдиқлаш;
  3. Жамиятнинг 2016 йил якуни бўйича жамият ташқи аудитори “OSYO-AUDIT” МЧЖ молиявий хўжалик фаолияти юзасидан аудиторлик текшируви хисоботини эшитиш;
  4. 2016 йил якуни бўйича тафтиш комиссияси хисоботини эшитиш;
  5. 2016 йил молиявий хўжалик фаолияти якуни бўйича жамият йиллик ҳисоботини, шу жумладан баланс, молиявий натижалар, фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботларини тасдиқлаш;
  6. 2016 йил якуни бўйича олинган соф фойдасини тақсимлаш;
  7. Жойлаштирилган акцияларнинг ҳар бир тури бўйича дивидендлар тўлаш, дивиденднинг миқдори, уни тўлаш шакли ва тартибини тасдиқлаш;
  8. Жамият Кузатув кенгашининг ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жамладан, жамиятни бошқаришга доир қонун хужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан кузатув кенгашининг ҳисоботларини эшитиш;
  9. Жамиятнинг 2017 йил Бизнес-режасини тасдиқлаш;
  10. Жамият Кузатув кенгаши аъзоларига улар ўз вазифаларини бажариб турган давр учун ҳақ тўлаш ва кузатув кенгашининг аъзоси вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларини ўрнини қоплаш ҳамда бундай ҳақ тўловларининг миқдорларини белгилаш;
  11. Жамият тафтиш комиссияси аъзоларига улар ўз вазифаларини бажариб турган давр учун ҳақ тўлаш ва тафтиш комиссиясининг аъзоси вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларини ўрнини қоплаш ҳамда бундай ҳақ тўловларининг миқдорларини белгилаш;
  12. Жамият Кузатув кенгаши аъзоларини кейинги йиллик умумий йиғилиш кунига қадар янги таркибини сайлаш;
  13. Жамият тафтиш комиссияси аъзоларини кейинги йиллик умумий йиғилиш кунига қадар янги таркибини сайлаш;
  14. Жамият ижроия органи аъзоларининг янги таркибини сайлаш;
  15. Жамият ижроия органи раҳбарини кейинги йиллик умумий йиғилиш кунига қадар сайлаш (шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш);
  16. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2016 йил 20 декабрдаги 294-мҳ-сонли буйруғига асосан Жамият Уставининг янги таҳририни тасдиқлаш;
  17. Жамиятнинг корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш;
  18. Жамият бошқаруви томонидан 2016 йилнинг 29 январидаги
    4-сонли ҳамда 29 августдаги 26-сонли қабул қилинган қарорларини тасдиқлаш;
  19. “O`zvinosanoat-xolding” холдинг компаниясининг 2017 йил 10 мартдаги 09/551-сонли хатига асосан Паркент тумани А.Навоий кўчасида жойлашган “URGANCH SHAROB” АЖга қарашли Паркент узумни қабул қилиш ва бирламчи қайта ишлаш шахобчасини бузиб олиш, кўчириш, яроқсиз, маънавий ва жисмоний эскирган асбоб ускуна, материаллар, техникалар ва  қурилиш материалларини сотиш ҳамда ер майдонини туман заҳирасига қайтариш масаласини кўриб чиқиш.

Йиғилиш раиси Н.Вапаев сўзи. Йиғилиш ўтказиш бўйича барча ташкилий масалаларни ҳал қилиниб, кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқишга ўтилди. Умумий йиғилиш кун тартибига киритилган масалаларга овоз бериш қўлларингиздаги бюллетенлар орқали амалга оширилди.

Кун тартибидаги биринчи масала жамият акциядорларининг 2016 йил якунлари бўйича йиллик умумий йиғилиши регламентини тасдиқлаш. Йиллик навбатдаги умумий йиғилиш регламенти қуйидагича
(1-Илова).

Кун тартибидаги иккинчи масала ижроия органи ҳисоботини бўйича бошқарув раиси в.в.б.Улуғбек Каландаровичга сўз берилди.

У.Кенжаев “URGANCH SHAROB” бошқаруви номидан мазкур йиғилиш билан жамият акциядорларини самимий кутлади. 2016 йил бўйича режалар 2015 йилга нисбатан анча ошириб бажаришга эришилганлигини айтиб ўтди.

Республика ҳукуматининг, вилоят ва шахар ҳокимликларининг кўрсатмалари, шунингдек жамиятда ишлаб чиқариш жараёнларини тўғри ташкил қилинганлиги сабабли бизнес режа бўйича 2016 йилда 550 минг дал ароқ 120 минг дал вино 3 минг дал коньяк ишлаб чиқариш режалари бажарилди. Кувватлардан фойдаланиш 83,4 фоизни ташкил этган. Ҳисобот йилида 2058,2 млн.сўм соф фойда олинган (93,6 фоиз). 2016 йил давомида бюджетга 38746 млн.сўм ҳар хил солиқлар тўланган. Узум топшириш ва қабул қилиб олиш бўйича агрофирма ва фермер хўжаликлари билан контрактация шартномалари тузилиб улардан ўртача нарҳи 580 сўмдан жами 1881 тонна узум қабул қилиниб қайта ишланди ва 131 минг дал узум шарбати олинган. Олинган узумларнинг ўртача ширинлик даражаси 16,5 % фоизни ташкил қилади. Қабул қилинган узум учун ўз вақтларида аванс маблағи берилиб, қолган қисмини 2017 йилнинг 1 январигача қарздорлик тўла тўлаб берилган. Умумий қабул қилинган узумларнинг умумий суммаси 1100 млн.сўмни ташкил қилади. Ишлаб чиқарилган алкогол маҳсулотлари Республикамиздаги вилоятлар ихтисослаштирилган Шароб савдо базалари орқали сотилиши таъминланмоқда. Жумладан, ароқ 707,7 минг декалитрга шартнома тузилган бўлса, 580,2 минг дал яъни 82 фоиз сотилган, вино 170,4 минг декалитрдан 138,2 минг декалитр, яъни 81,1 фоиз ва коньяк 11,4 минг декалитрдан 5,1 минг декалитр, яъни 44,5 фоиз сотилган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, тайёр маҳсулотлар реализацияси бўйича олиб борилган чора тадбирларга қарамасдан Шароб савдо базалари шартнома шартларини тўлиқ бажармасдан келмоқдалар. Бу ҳолат асосан жамиятимизнинг ишлаб чиқариш жараёнига салбий таъсир қилиб, самарали иш фаолиятига сезиларли тўсқинлик қилмоқда.

Бугунги кунда ишлаб чиқилган тадбирларга асосан ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотларни реализация қилиш, ишлаб чиқаришнинг давомийлигини таъминлаш масалалари бош масала бўлиб қолмоқда. Ихтисослаштирилган Шароб савдо базаларининг жамиятимиз томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиб олиши ва намунали савдони ташкил этиш борасидаги маъсулиятлари оширилиб тасдиқланган тадбирларнинг бажарилиши юзасидан тегишли кўрсатмалар  берилиб, уларнинг шахсий жавобгарлиги оширилган. Жамиятнинг тайёр маҳсулотлар омборида 2016 йил бошига 36,5 минг декалитр ароқ, 19,8 минг декалитр вино қолган бўлса 2017 йилнинг 1 январига келиб 3 минг декалитр ароқ, 1,8 минг декалитр вино 0,2 минг декалитр коньяк маҳсулотлари қолган.

2017 йил 1 январ ҳолатига жамиятимизнинг дебитор қарзи  2651 млн.сўм, кредитор қарзи 4282,2 млн.сўмни ташкил этади. Муддати  ўтган дебитор ва кредитор қарздорлик мавжуд эмас. 2015 йилнинг якуни бўйича акциядорларга ҳисобланган дивиденд суммалари акциядорларнинг мавжуд пластик карточкаларига ва “Саноаткурилиш” банкининг Урганч шаҳар бўлими омонат кассасига рўйхат бўйича тўлиқ ўтказиб берилган. Ишчи хизматчиларнинг ойлик маошлари ўз вақтида тўлиқ тўланиб борилиши таъминланган. 2016 йил 1 январ ҳолатига ишчи хизматчиларнинг ойлик маошларидан 75,2 млн.сўм (ишчи хизматчиларнинг бир ойлик маошидан хам кам қарздорлик мавжуд, тўлов муддати кечиктирилган қарздорликлар мавжуд эмас. Жамиятнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичларида ўсиш суратлари таъминлаб, жамиятнинг тўлов интизоми унинг баркарорлиги тубдан яхшиланди.

2016 йил давомида жамиятимизда янги турдаги махсулотлар ишлаб чикарила бошланди (ЕВРО, СИЛВЕР). Бугунги кунда жамиятимизда 50 турдан ортиқ ароқ, вино, коньяк махсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Жамият бошқарувининг 2017 йилга белгиланган асосий вазифалари бу жамиятни модернизациялаш ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳсулот таннархини арзонлаштириш бозор конъюктурасини ўрганиб, бозорда ўз ўрнига эга бўлиш, фойда олиш режасини ошириб бажариш, ишчи хизматчиларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг манфатдорлигини ошириш ва пиравард натижада, уларнинг ишга бўлган муносабатларини яхшилашдан иборат. Ҳукуматимиз олдимизга қўйган вазифаларни муваффақиятли ва ошиғи билан бажаришга барча имкониятлар мавжудлигини айтиб ўтди.

“URGANCH SHAROB” акциядорлик жамиятининг 2016 йил хўжалик йили якунлари бўйича бизнес режанинг бажарилиши ҳамда ижро органи ҳисоботини муҳокама қилиб тасдиқлаш учун акциядорлар ҳукмига ҳавола қилди.

Акциядорланинг умумий йиғилиши кун тартибидаги учинчи масала аудиторлик ҳисоботини эшитиш бўйича сўз жамият бош ҳисобчиси Х.Салаевга берилди.

Навбатдаги умумий йиғилиш кун тартибидаги учинчи масала жамиятнинг 2016 йил якуни бўйича молиявий ва хўжалик фаолияти юзасидан аудиторлик текширувини Тошкент шаҳрида жойлашган “OSIYO AUDIT” МЧЖ аудиторлик компанияси томонидан амалга оширилган.

Аудиторлик текшируви якунларига кўра аудиторлик компанияси томонидан тақдим этилган аудиторлик ҳулосасига кўра “URGANCH SHAROB” АЖнинг йиллик молиявий ҳисоботи унинг молиявий аҳволини ҳаққоний акс эттириши ва жамият томонидан амалга оширилган молиявий хўжалик операциялари Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатлари талабларига мувофиқ келиши кўрсатиб ўтилган.

“URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти 2016 йил давомида бир қанча ишларни амалга ошириб, ўтган йил якунлари бўйича ажратилган 653,9 млн.сўм дивидендларни юридик ва жисмоний шахс акциядорларга ажратилган, шундан 10% даромад солиғи ушланиб қолган. Маблағлар мурожат қилган акциядорлар рўйхати бўйича “Халқ банки” Паркент туман бўлими ва “Ўзсаноатқурилиш банки” Урганч шаҳар бўлими омонат кассасига маблағлар акциядорлар рўйхати бўйича тўлиқ 100% ҳисоб-китоб қилиниб тўлаб берилган.

Бундан ташқари, жамиятимиз баланс активида 38,3 млн.сўм бошқа акциядорлик жамиятлари активлари мавжуд бўлиб, уларнинг акция сонлари  қуйидагича:

– “Агробанк” ОАТБда – 17 дона акция,

– Тошкент шаҳар “Савдогарбанк” АТда 106661 дона акция,

– “Хонқа дон маҳсулотлари” ОАЖда 4739 дона акция,

– “Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг компанияси” АЛКда 1216 дона акция,

– “Ўзсаноатқурииш банк” АТБ 7104 дона акциялари.

Бу акцияларга йил якунлари бўйича дивиденлар ажратилиб, корхонамизга қўшимча молиявий даромадлар ҳар йили келиб туради.

Ўқиб эшиттирилган жамиятнинг 2016 йил аудиторлик текширув ҳулосасини муҳокама қилиб, тасдиқлаш учун акциядорлар хукмига хавола қилди.

Акциядорланинг умумий йиғилиши кун тартибидаги тўртинчи масала тафтиш комиссияси ҳисоботини эшитиш бўйича сўз жамият тафтиш комиссияси аъзоси Ш.Атаевга берилди.

Кун тартибидаги тўртинчи тафтиш комиссияси ҳисоботини эшитиш масаласи бўйича “URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти молиявий хўжалик фаолияти бўйича ҳужжатларни ўрганиб таҳлил қилинганда қуйидагилар аниқланди:

Хисобот йилида АЖ молия-хўжалик фаолиятидан 2200 млн.сўмлик соф фойда олиш белгиланган бўлиб, хақиқатда 2058 млн.сўмлик соф фойда олинган, ёки бизнес-режа кўрсаткичи 93,5% га бажарилган.

Акциядорлик жамиятининг 2016 йил 1 январ холатига асосий воситалар баланс қиймати 6086 млн.сўм, эскириши 2847 млн.сўмни ташкил этган бўлиб, мавжуд асосий воситалар баланс қиймати 338 млн.сўмга, эскириши 160 млн.сўмга қайта бахоланган.

Хисобот йили давомида жами 1002 млн.сўмлик асосий воситалар кирим қилиниб, 20 млн.сўмлик асосий воситалар хисобдан чиқарилган. 2016 йил 31 декабр холатига жамиятнинг асосий воситалари баланс қиймати 7406 млн. сўмни ташкил этган.

Жамият хисобида 2016 йил 1 январ холатига турли ташкилотларинг 38,2 млн сўмлик акциялари мавжуд.

Жамият ишчи-хизматчиларига хисобот йилида жами 2398,5 млн.сўмлик мехнатга хақ тўлаш харажатлари хисобланиб, тақдим этилган хужжатларга асосан, ишлаган иш вақтига мос равишда, белгиланган тарифларга таянган холда иш хақи хисоблаб тўлаб борилган.

2016 йилда жамиятнинг иш хақидан муддати ўтган қарздорлиги мавжуд эмас.

Акциядорлик жамияти умумбелгиланган солиқлар тўловчиси хисобланиб, 2016 йил 1 январ холатига бюджетга солиқ ва бошқа тўловлардан жами 1149,9 млн.сўмлик, максадли жамгармаларда жами 206,3 млн.сўмлик бокимонда ва бюджетга солиқ ва йиғимлар бўйича бўнак тўловларда 17,4 млн.сўмлик ортиқча тўлови мавжуд бўлган. 2016 йил давомида жами 41682,7 млн.сўмлик солиқ ва мажбурий туловлар ҳисобланилган.

Жамият томонидан 2016 йил давомида бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга жами 38745 млн.сўм ўтказиб берилган.

Жамиятнинг 2016 йил 31 декабр холатига бюджетдан 1149 млн.сўмлик, мақсадли жамғармалардан 206 млн сўмлик қарздорлиги, бюджет тўловларидан 17 млн.сўмлик ортиқча тўлови мавжуд.

Жамиятнинг 2016 йил 31 декабр холатига дебитор карздорлиги 2651 млн.сўм бўлиб, йил бошидаги қолдиққа нисбатан 874,7 млн.сўмга ошган. Шунингдек, ҳисобот даври оҳирида жами кредиторлик қарздорликлар 4282,2 млн.сўм бўлиб, йил бошидаги қолдиққа нисбатан 385,0 млн.сўмга камайган.

Жамиятнинг 2016 йил 1 январ ҳолатига жами 3480,2 млн.сўмлик, шу жумладан, 2155,3 млн.сўмлик қисқа муддатли банк кредитлари ҳамда холдинг компаниясининг 1324,8 млн.сўмлик қисқа муддатли кредити мавжуд бўлган.

2016 йил давомида айланма маблағлар етишмовчилиги туфайли кўшимча  равишда 2600,0  млн.сўмлик қисқа муддатли банк кредити олиниб, 100,0 млн.сўм  винтли  колпочок  ва  пробка  учун, 600,0 минг сўми  конвертация  килиш  учун, 1520 000 минг сўми  спирт  олиш  учун, 180,0 млн.сўм  шиша олиш  учун,  200,0 млн.сўм этикетка сотиб олиш учун ишлатилган. Ҳисобот йилида мавжуд  қисқа муддатли банк кредитларининг 2469,1 млн сўми қайтарилган. Шунингдек, ҳисобот йили давомида Холдинг компаниясидан олинган қисқа муддатли  қарз(кредит)нинг 224,8 млн.сўми қайтарилган.

2016  йил 31 декабрь холатига жамиятнинг қисқа муддатли банк кредитларидан 2300 млн.сўмлик ва Холдинг компаниянинг «Кайта тиклаш ва ривожлантириш»  жамғармасидан олинган қарздан 1100 млн.сўмлик қарздорлиги мавжуд.

2016 йил давомида маҳсулот сотишдан тушган тушум 73412 млн.сўм, солиқлари чегирилганда маҳсулотларни сотишдан соф тушум 34704 млн.сўм, сотилган товарларнинг таннархи 28454 млн.сўм, хисобот даврининг давр харажатлари 3633 млн.сўм, асосий  фаолиятнинг бошқа даромадлари 212 млн.сўм, асосий фаолиятнинг фойдаси 2829 млн.сўм, молиявий фаолиятдан олган  даромади 3,6 млн сўм,  молиявий фаолиятнинг бошқа харажатлари 387,4 млн сўм,  умумхўжалик фаолиятнинг фойдаси 2445 млн.сўмни  ташкил этиб, фойда солиғи ва инфраструктурани ривожлантириш солиқлари чегирилгандан кейин жамиятнинг 2016 йилдаги соф фойдаси 2058 млн.сўмни ташкил этган.

Жамият бошқарувининг 2016 йил давомида 47 марта йиғилишлари ўтказилган бўлиб, барча ўтказилган йиғилишларнинг баённомалари белгиланган тартибда, қонунчилик доирасида расмийлаштирилган.

Жамият кузатув кенгашининг 2016 йил давомида 11 марта йиғилиши ўтказилган бўлиб, барча ўтказилган йиғилишлар белгиланган тартибда баённомалар орқали расмийлаштирилган. Мазкур йиғилишлар кун тартибига жамият фаолиятига тегишли, белгиланган бизнес-режа кўрсаткичларини бажарилиши, жамият ички аудитор хизматининг хисоботларини кўриб чиқиш, акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш, бошқарув ва кузатув кенгашларига номзодларни танлаш ва бошқа масалалар кўриб чиқилиб, тегишли равишда қарорлар қабул қилинган.

Хулоса. “URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти бухгалтерия ҳисоб ва хисоботи  Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тавсия қилинган йўриқномалар асосида ҳамда “Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия хисоботи” ҳақидаги конунлар асосида йўлга қўйилган.

“URGANCH SHAROB” акциядорлик жамиятида ғайриқонуний харажатларга йўл қўйилган эмас. Корхонанинг молиявий фаолияти барқарор, бухгалтерия хисоботи қониқарли.

Тафтиш комиссияси ҳисоботини тасдиқлаб ўтишни акциядорлар  ҳукмига хавола қилди.

Кун тартибидаги бешинчи масала бўйича сўз жамият бош ҳисобчи Х.Салаевга берилади. “URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти 2016 йил бизнес-режа кўрсаткичлари бўйича ароқ 550 минг дал, вино 120 минг дал, коньяк 3 минг дал  ишлаб чиқариш режалаштирилган эди. Ҳақиқатда, 2016 йил якуни бўйича 547 минг дал ароқ, 120 минг дал вино ва 4,6 минг дал коньяк маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, Бизнес режа курсаткичлари тулик бажарилди.  Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг амалдаги баҳоси 68 780,5 млн.сўмни, солиштирма баҳодаги қиймати 26 791,0 млн.сўм, чакана баҳосидаги қиймати 34 550,6 млн.сўмни ташқил қилади. Жамиятимиз томонидан тасдиқланган бизнес режага нисбатан ароқ 99,5 фоизга, вино 100 фоизга, коньяк 153 фоизга бажарилди. “URGANCH SHAROB” АЖ таркибида асосан қуйиш цехи ва ёрдамчи цехлар, омборхоналар мавжуд. Бундан ташкари, 2000 тонна узумни қайта ишлаш қувватига эга бўлган “Чолиш” винпункти  ва “Паркент” винпункти мавжуд бўлиб, 1000 тонна узум қабул қилиб олиш учун шартнома тузилган. Тузилган шартномага асосан “Чолиш” винпункти 870 тонна, “Паркент” винпункти 1011 тонна, жами қабул қилинган 1881 тонна узум маҳсулотлари қайта ишланиб, 131,6 минг дал узум шарбати олинган. Узум шарбатининг ўртача ширинлик даражаси 16,5 %ни ташқил қилади ва узумларнинг ўртача нарҳи 580 сўмни ташқил қилган.

“Чолиш” винпункти  ва “Паркент” винпункти 2016 йил узум хосилидан қабул қилиниб олинган узум учун жамиятимиз томонидан жами 1200 млн.сўм миқдорида пул тўловлари амалга оширилган, пул маблағлари 2017 йилнинг 1 январигача тўлаб бўлинган.

Жамиятимиз 2016 йилда ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш 83,4 фоизни ташкил қилди.

“URGANCH SHAROB” АЖ 2016 йилда маҳсулотларни сотишдан тушган тушум 73 412,2  млн.сўм бўлиб, шундан, кўшимча қиймат солиғи 12 235,3 млн.сўм, акциз солиғига 26 472,1 млн.сўм ҳисобланиб, маҳсулотларни сотишдан соф тушум 34 704,6 млн.сўмни ташқил қилган.

Сотилган маҳсулотларнинг таннархи 28454,4 млн.сўм, давр ҳаражатлари 3 633,7 млн.сўмни ташқил қилиб, асосий фаолиятнинг фойдаси 6 250,2 млн. сўмни ташқил қилади. 2016 йилда олинган даромадлар 212,8 млн.сўмни, молиявий фаолият бўйича ҳаражатлар 387,4 млн.сўмни, даромад солиғи тўлагунга қадар фойда 2 445,5 млн.сўмни ташкил қилган. Шундан, 207,4 млн.сўм даромад солиғи, инфраструктура солиғига 179,8 млн.сўм тўланиб, корхонанинг соф фойдаси 2058,2 млн.сўмни ташқил қилган.

2016 йилнинг 31 декабр ҳолатига жамиятнинг 2 331 252 дона оддий ва имтиёзли нақдсиз акциялари мавжуд бўлиб, хар бир акциянинг номинал қиймати 600 сўм,  устав фонди 1 398,8 млн.сўмни ташқил қилади.

“URGANCH SHAROB” АЖнинг 2017 йил 1 январ ҳолатига 2651,0 млн.сўм дебитор қарзи мавжуд бўлиб, шундан, харидор ва буюртмачилардан 3 298,4 млн.сўм, мол етказиб берувчилардан 325,9 млн.сўмни, бошқа дебиторлар 199,7 млн.сўмни ташқил қилган. 2017 йилнинг 1 январ ҳолатига кредиторлик қарзи 4282,2 млн.сўмни ташқил қилган. Шундан, мол етказиб берувчиларга 690,3 млн.сўмни,  олинган бўнаклар 161,0 млн.сўмни, бюджетга тўловлар бўйича қарз 3 998,7 млн.сўмни, мақсадли жамғармаларга 308,6 млн. сўмни, иш ҳақидан 69,0 млн.сўмни, бошқа кредиторлар 30,8 млн.сўмни ташқил қилади.

2017 йил 1 январ ҳолатига жамиятнинг 6 543,9 млн.сўм миқдоридаги тақсимланмаган соф фойда мавжуд.

Акциядорлик жамиятининг 2016 йил учун даромад ҳисоботи ва йиллик якуни баланси активи бўйича 18 607,4 млн.сўм ва пассиви бўйича 18 607,4 млн. сўм ҳолатида тасдиқлаш масаласини акциядорлар ҳукмига ҳавола қилди.

Кун тартибидаги олтинчи  мажлис раиси сўзга чиқиб “O`zvinosanoat-xolding” ХКнинг 2016 йил 27 январдаги 24-сонли компания акциядорлик жамиятларида 2016 молиявий йил якунлари бўйича йиллик ҳисобот умумий йиғилиш кун тартибига масалалар киритиш ҳамда жамият кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига номзодлар киритиш тўғрисидаги буйруғида 2016 йил якуни бўйича олинган соф фойдани тақсимлаш бўйича 50 фоизи дивидендларга, 40 фоизи капитализацияга ва 10 фоизини фондларга ажратиш тавсия килинган.

Бироқ, жамият томонидан 2017-2019 йилларда йирик лойиҳаларни, шу жумладан, Паркент туманида Узумни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилганлигини инобатга олиб, соф фойданинг 75 фоизи, яъни 1543,7 млн.сўмни шу лойиҳани амалга ошириш учун, ҳамда 25 фоизи, яъни 514,6 млн.сўмни акциядорларга дивиденд тариқасида ажратишни таклиф қилди.

Умумий йиғилиш кун тартибидаги еттинчи масала дивидендлар тақсимоти бўйича сўз кузатув кенгаши аъзоси А.Қодировга берилади.

2016 йил якуни бўйича олинган соф фойдасини тақсимлаш масаласида жамиятнинг 2016 йил учун тасдиқланган бизнес-режага мувофиқ 2200 млн. сўмлик соф фойда олиш режалаштирилган бўлиб, ҳақиқатда 2016 молия йили натижаси бўйича 2058,2 млн.сўм миқдорида соф фойда олишга эришилди. Шундан:

Кўрсаткичлар Суммаси (минг сўмда) Фоизи
  Соф фойда 2 058 224 100,0
  Акцияларга дивиденд 514 556 25,0
  Ўбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 январдаги “Тошкент вилояти ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 36-сонли қарорига асосан Тошкент вилояти Паркент тумани Узумни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш учун 1 543 668 75,0

Бунда оддий ва имтиёзли акцияларнинг ҳар бирига 213,64 сўмдан дивиденд тўланади. Дивидендлар акциядорлар умумий йиғилиши қарор қабул қилгандан кейин 60 кун, яъни 2 ой давомида қонуний тўлов воситаси, пул шаклида тўланади, юридик шахсларга пул ўтказиш йўли билан, жисмоний шахсларнинг пластик карточкаларига пул ўтказиб бериш йўли билан тўланишини таклиф қилди.

Кун тартибидаги саккизинчи масала бўйича Кузатув кенгаши раиси Н.Вапаев сўзга чиқди. Жамият Кузатув кенгашининг ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан, жамиятни бошқаришга доир қонун хужжатларида белгланган талабларга риоя этилиши бўйича 2016 хўжалик йилида “URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти кузатув кенгаши 11 марта йиғилиш ўтказиб ўтказилган йиғилишларнинг 4 тасида ҳар бир чорак натижалари бўйича бошқарув раиси ҳисоботи тингланган. Натижада ишлаб чиқаришдаги ҳар бир муоммо ўз ечимини топиб борди. Ҳисобот йилида ароқ, вино, коньяк маҳсулотларини ишлаб чиқариш режалари бажарилди кузатув кенгашининг қолган 7 та мажлисларида корхона молия хўжалик фаолиятига доир ҳар хил масалалар муҳокамаси амалга оширилиб ўтказилган муҳокама натижалари инобатга олиниб, тегишли қарорлар қабул килинган. Жамият кузатув кенгаши ўз ваколати доирасида жамият акциядорларнинг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақиришда, акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибини тайёрлашда, умумий йиғилиш ўтказиладиган санани белгилашда, йиллик бизнес режани тасдиқлашда, жамият уставига боғлиқ ўзгартиришларни киритишда ва амалдаги қонунучиликка мувофик жамият кузатув кенгаши ваколатларига киритилган бошқа масалаларни хал этиш чораларини кўриб борди. Кузатув кенгаши жамият раҳбарияти билан 2016 молия йили давомида асосий эътиборни бизнес режани ошириб бажаришга корхона молиявий ҳолатини ва тўлов интизомини яхшилашга, мавжуд дебитор ва кредиторлик қарзларини кескин камайтиришга қаратиб келди. Жамиятимиз ички истеъмол бозорида эса ўзининг рақобатга бардош бера оладиган маҳсулотлари билан бозорда мустаҳкам ўрнини эгаллади бизлар бугунги кунда асосий эътиборни бой берилган имкониятларга қаратиб ўтишимиз, жамиятни молиявий барқарорлаштириш фаолият натижасига кўра кўпроқ фойда олиш, акциядорларга тақсимланадиган дивиденд миқдорларини кўпайтириш, олинган фойда эвазига жамиятнинг ишлаб чиқариш жараёнига янги технологик жиҳозларни жорий этиш, нафақат ички истеъмол бозорини эгаллаш, балки ташқи истеъмол бозорида узининг сифатли маҳсулотлари билан муваффақиятли қатнашиш, жамиятнинг экспорт салоҳиятини янада ҳам ошириш валюта тушумларини кўпайтириш жамиятда меҳнат фаолиятини юритиб келаётган ишчи хизматчиларни моддий манфатдорлигини ошириш, ижтимоий химоялаш йўлларини белгилаб олиш лозимлигини айтди.

2016 молия йилида 2058,2 млн.сўм соф фойда олинди. Режа топшириқлар бўйича 547 минг дал ароқ ишлаб чиқарилиб, режа 99,5 фоизга, 120 минг дал вино, режа 100 фоизга, 4,6 минг дал коньяк, режа 153,3 фоизга бажарилди. Ҳисобот йили давомида 1881 тонна узум қабул қилиниб, қайта ишланди. 2017 йил учун тузилган бизнес режа бўйича ароқ ишлаб чиқариш 547 минг дал, вино ишлаб чиқариш 120 минг дал коньяк ишлаб чиқариш 4,7 минг дални ташкил қилиши ва йил натижаси билан 2500 млн.сўм фойда олиш режалаштирилган. Узум қабул қилиш режаси эса 2600 тонна қилиб белгиланган.

Кун тартибидаги тўққизинчи масала бўйича жамият бош иқтисодчиси Ж.Ризаев сўзи.  Жамиятнинг 2017 йил бизнес-режа кўрсаткичларини қабул қилиш ва тасдиқлаш масаласида 2017 йил учун ишлаб чиқилган бизнес-режага мувофиқ 547 минг дал ароқ, 120 минг дал вино, 4,7 минг дал коньяк ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ушбу ишлаб чиқарилган маҳсулотлар улгуржи нарҳда 35425 млн.сўмни, чакана нарҳларда 79757 млн.сўмни ташкил қилади. 2017 йил белгиланган бизнес режага асосан жамият томонидан 2500 млн.сўм миқдорда соф фойда олиш режалаштирилган. 2017 йил бизнес-режа кўсаткичларини тасдиқлашни акциядорлар ҳукмига ҳавола қилди.

         Кун тартибидаги ўнинчи Кузатув кенгаши аъзолари ва ўн биринчи тафтиш комиссияси аъзоларини улар ўз вазифаларини бажариб турган давр учун ҳақ тўлаш ва кузатув кенгашининг аъзоси вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларини ўрнини қоплаш ҳамда бундай ҳақ тўловларининг миқдорларини белгилаш масаласида жамият корпоратив маслаҳатчиси М.Каримов нутқи.

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 6 майдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирининг 74-моддасига асосан акциядорлар умумий йиғилиши қарорига кўра жамият кузатув кенгашининг аъзоларига улар ўз вазифаларини бажариб турган давр учун ҳақ тўланиши ва бундай ҳақ тўловларининг миқдорлари акциядорларнинг умумий йиғилиш қарори билан белгиланиши кўрсатилган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, жамиятимиз равнақи йўлида фаолият кўрсатиб келаётган Кузатув кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига қуйидаги тартибда ҳақ тўлаш таклифини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Кузатув кенгаши раисига Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақинининг 6 баробари миқдорида;

Кузатув кенгаши аъзоларига Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақинининг 4 баробари миқдорида;

Тафтиш комиссияси раиси ва аъзоларига Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақинининг 2 баробари миқдорида ҳар ойлик ҳақ тўлаш.

Кун тартибидаги масалалар акциядорлар ҳукмига ҳавола қилинди.

Умумий йиғилиш кун тартибидаги ўн иккинчи  масала кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш масаласи бўйича сўз жамиятнинг бош иқтисодчиси Ж.Ризаевга  берилди.

Кун тартибидаги ўн иккинчи масала бўйича Ўзбекистон Республикаси “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 76-моддасига кўра акциядорлик жамиятлари Кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси ва бошқарув аъзолари ҳар йилда қайта сайланиши керак. Шундан келиб чиқиб, бугунги кун йиғилишида қўйилган талаблар киритилган таклифларни инобатга олиб жамият Кузатув кенгаши аъзолари таркибини сайлаб ўтиш керак бўлади.

Кузатув кенгаши аъзолари таркибини сайлаш бўйича 2017 йил январ ойида қуйидаги таклифлар келиб тушган:

  1. Жамиятнинг 51 % улушига эга “O`zvinosanoat-xolding” холдинг компанияси 2017 йил 27 январ 11/190-4 сонли хати билан жамият Кузатув кенгаши таркибига холдинг компаниясидан 3 та номзодни, яъни жамият Кузатув кенгаши аъзолигига холдинг компанияси бошқарма бошлиғи Вапаев Низомиддин, холдинг компанияси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ниязова Дэрия ҳамда бош мутахассис Назарова Мавлюда номзодларини;
  2. Тошкент шаҳар “Turkiston Invest” АЖнинг 2017 йил 24 январь 15-сонли хати билан жамият Кузатув кенгаши таркибига Олимжон Бакирханович Акилханов номзодини;
  3. “Urganch Sharob” АЖнинг 35254 дона (1,51 %) оддий акциялари эгаси Урганч шаҳар Шарқ кўчаси 4 йўлак 5 уйда яшовчи акциядор Каримов Муродбекнинг 2017 йил 28 март кунги “Urganch Sharob” АЖнинг Кузатув кенгаши таркибига Қодиров Абдурасул (жамият акциядори 2200 дона оддий акция эгаси) ҳамда мустақил аъзо сифатида Атабаев Валерий номзодлари.

Келиб тушган таклифлар жамият Кузатув кенгашининг 2017 йил 10 апрел
5-сонли мажлис қарорига асосан таклиф қилинган номзодларнинг барчаси, яъни 6 та номзод жамият акциядорларининг умумий йиғилиш овоз бериш бюллетенларига киритилган. Кузатув кенгаши аъзоларини қонунинг 76-моддаси талабларига асосан “кумулятив” тартибда овоз бериш тартиби билан овозга қўйиш ва энг кўп овоз олган номзодларни жамият Кузатув кенгаши аъзолигига сайлаш лозимлигини айтиб ўтди.

Кун тартибидаги ўн учинчи масала бўйича тафтиш комиссияси аъзолигига номзодларни таклифи бўйича сўз жамиятнинг бош молиячиси А.Авазметовга берилди. Тафтиш комиссияси аъзоларига  “O`zvinosanoat-xolding” холдинг компаниясининг 2017 йил 27 январ 11/190-4-сонли “Urganch Sharob” АЖ Тафтиш комиссияси аъзолигига номзод сайлаш тўғрисидаги ҳамда “Urganch Sharob” АЖнинг 35254 дона (1,51 %) оддий акциялари эгаси Урганч шаҳар Шарқ кўчаси 4 йўлак 5 уйда яшовчи акциядор Каримов Муродбекнинг 2017 йил 28 март кунги “Urganch Sharob” АЖнинг Тафтиш комиссияси таркибига аъзоларни сайлаш тўғрисидаги таклифлари асосида қуйидаги номзодларни таклиф қилинди:

  1. Ибрагимова Нодира.
  2. Барсукова Виктория.
  3. Атаев Шоназар.
  4. Раджабов Шерзод.

Сайлов бюллетенларига киритилган ушбу номзодларни сайлаш масаласини акциядорлар ҳукмига ҳавола қилди.

Кун тартибидаги ўн тўртинчи масала юзасидан жамият бош иқтисодчиси Ж.Ризаев нутқ сўзлади. Жамият Бошқарув органи аъзоларининг янги таркибини сайлаш масаласи бўйича жамиятнинг 112398 дона (4,82 %) оддий акциялари эгаси Урганч шаҳар Дўстлик кўчаси 27 уй 1 хонадонда яшовчи акциядор Баходир Жуманиёзов жамият бошқарув аъзолигига 2017 йил 20 март кунги таклиф хатида қуйидаги номзодларни тавсия қилган бу масала хам Кузатув кенгаши мажлисида кўриб чиқилиб, Кузатув кенгашининг 5-сонли қарорига асосан умумий йиғилиш сайлов бюллетенларига киритилган.

1. Кенжаев Улугбек Бошқарув раиси в.в.б., жамият акциядори 12728 дона (0,55 %) оддий акция эгаси
2. Артиқов Атабай Ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш бўйича бош муҳандис
3. Матмуратов Мирза Цех мудири, жамият акциядори 1012 дона (0,04 %) оддий акция эгаси
4. Машарипов Ахмаджон Чолиш винпункти мудири, жамият акциядори 660 дона (0,03 %) оддий акция эгаси
5. Салаев Хайрилло Бош ҳисобчи

Сайлов бюллетенларига киритилган ушбу номзодларни сайлаш масаласи акциядорлар ҳукмига ҳавола қилинди.

Умумий йиғилиш кун тартибидаги ўн бешинчи масала жамият бошқаруви раиси билан меҳнат шартнома тузиш бўйича сўз жамият кузатув кенгаши раиси Н.Вапаевга берилди.

Кун тартибидаги ўн бешинчи, бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажариб келаётган У.Кенжаев жамиятнинг 2016 йил бизнес режа  кўрсаткичларини амалга оширилганлигини ҳамда ҳукуматимиз томонидан берилган топшириқ ва вазифалар ўз муддатларида ва сифатли равишда бажарилганлигини инобатга олиб, жамият бошқарув раиси вазифасига Кенжаев Улуғбек Каландарович лойиқ эканлигини кўрсатиб ўтди ва у билан кейинги акциядорларнинг навбатдаги умумий йиғилишига қадар шартнома тузиш таклифини киритди. Раисни сайлашни акциядорлар ҳукмига ҳавола қилди.

Кун тартибидаги ўн олтинчи масала юзасидан сўз жамият Кузатув кенгаши аъзоси А.Қодировга берилди. А.Қодиров ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2016 йил 20 декабрдаги 294-мҳ-сонли буйруғига асосан юридик ташкилотлар таъсис хужжатлариниг намунавий шакли тасдиқланган. Ушбу соддалаштирилган таъсис хужжатда яъни жамият Уставида фаолият мақсади ва вазифалари, жойлашган манзили ва реквизитлари аниқ белгилаб берилган. Акциядорлик жамиятининг кундалик фаолияти билан боғлиқ масалалар эса “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тартибга солинишини. Жамият Уставини янги таҳририни давлат рўйхатидан ўтказишни акциядорлар ҳукмига ҳавола қилди.

Кун тартибидаги ўн еттинчи масала юзасидан сўз жамиятнинг корпоратив алоқалар мутахассиси М.Каримовга берилди. Жамиятнинг  корпоратив тизимини баҳолаш натижалари бўйича жамиятнинг корпоратив веб-сайти ҳамда корпоратив маълумотларнинг ягона порталида эълон қилинган тендерда “INTELLIGENT ANALYTICS GROUP” МЧЖ ғолиб деб топилган. Ушбу ташкилот жамиятнинг корпоратив тизимини энг юқори кўрсаткич +1200 ва энг кам кўрсаткич -1200 шкаласи бўйича баҳолаш ўтказди. Баҳолаш натижаларига кўра жамиятимизнинг корпоратив бошқарув тизими 25 балл билан баҳоланиб, қониқарли деб топилган. Жамиятнинг корпоратив бошқарув тизимини баҳоланиши натижалари юзасидан фикр мулоҳазаларини билдириш учун акциядорлар ҳукмига ҳавола қилди.

Кун тартибидаги ўн саккизинчи масала Жамият бошқаруви томонидан 2016 йил давомида қабул қилинган қарорларни тасдиқлаш бўйича жамият бош ҳисобчи Х.Салаев маърузаси.

Бошқарувнинг 2016 йил 29 январдаги 4-сонли йиғилиш баёнига асосан Болалар спортини ривожлантириш жамғармасига 10 млн.сўм ҳомийлик маблағини ҳамда 2016 йил 29 августдаги 26-сонли йиғилиш баёни билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 августдаги “Жиззах вилоятида 2016 йилги пахта хосилини ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш бўйича амалга ошириладиган вазифалар тўғрисида”ги  73-сонли йиғилиш баёнлари ижросини таъминлаш бўйича жамиятимиз томонидан 80 кишини Жиззах вилояти Мирзачўл туманига пахта теримига жалб қилиш учун 204 млн.сўм сарфлаш тўғрисидаги йиғилиш баёнлари билан танишдирди. Ушбу бошқарувнинг қарорларини тасдиқлаб ўтишни акциядорлар ҳукмига хавола қилди.

Кун тартибидаги ўн тўққизинчи масала юзасида жамият кузатув кенгаши аъзоси А.Қодиров нутқи. “O`zvinosanoat-xolding” холдинг компаниясининг 2017 йил 10 мартдаги 09/551-сонли хатига асосан Паркент тумани А.Навоий кўчасида жойлашган “Urganch Sharob” АЖга қарашли Паркент узумни қабул қилиш ва бирламчи қайта ишлаш шахобчасини бузиб олиш, кўчириш, яроқсиз, маънавий ва жисмоний эскирган  асбоб ускуна, материаллар, техникалар ва  қурилиш материалларини сотиш ҳамда ер майдонини туман заҳирасига қайтариш масаласини кўриб чиқиш.

“O`zvinosanoat-xolding” холдинг компаниясининг 2017 йил 9 январдаги  09/68-сонли Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига Ўбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 январдаги “Тошкент вилояти ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 36-сонли қарорига асосан “URGANCH SHAROB” АЖга Паркент туманида узумни қайта ишлаш лойиҳасини “URGANCH SHAROB” АЖга қарашли Паркент тумани А.Навоий кўчасида жойлашган Паркент узумни қабул қилиш ва бирламчи қайта ишлаш шахобчаси негизида амалга ошириш учун рухсат сўраб мурожат хатига жавобан Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2017 йил 7 мартдаги 1826/36 02-сонли хатига асосан Тошкент вилояти Паркент тумани Паркент узумни қабул қилиш ва бирламчи қайта ишлаш шаҳобчаси шаҳарнинг 2014 йилда ишлаб чиқилган бош режасига асосан санитария меъёрлари ва шаҳарнинг зоналаштиришига зид эканлиги ҳамда бу ҳудудда бош режага асосан спорт мажмуаси, истироҳат боғи ва ёшлар маркази қурилиши режалаштирилганлиги маълум қилинган.

Ўбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 январдаги “Тошкент вилояти ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 36-сонли қарори бажарилишини таъминлаш учун Паркент тумани ҳокимининг 2017 йил 10 февралдаги 191-сонли қарори билан “Паркент” ҚФЙ, “Гулбоғ” массиви “Кайилма” МФЙ ҳудудидан 1 гектар ер майдони ажратилиб “Узумни кайта ишлаш корхонаси” лойиҳасини амалга ошириш масаласи жамият акциядорларининг 2017 йил 23 февралдаги навбатдан ташқари умумий йиғилишида кўпчилик овоз билан тасдиқланган.

Юқоридаги мурожаат хатларига асосан ҳамда Паркент туманининг 2014 йилда ишлаб чиқилган туманнинг бош режасига зид эканлигини инобатга олиб ҳамда Ўбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 январдаги 36-сонли қарори билан Паркент туманида Узумни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш мунособати билан “URGANCH SHAROB” АЖга қарашли Паркент тумани А.Навоий кўчасида жойлашган Паркент узумни қабул қилиш ва бирламчи қайта ишлаш шахобчасини бузиб олиш, фойдаланишга яроқли қурилиш материаллари ва асбоб ускуналарни кўчириш, замонавий типдаги лойиҳани амалга ошириш учун мос келмайдиган маънавий ва жисмоний эскирган қурилиш материаллари, асбоб ускуналар ва техникаларни мустақил баҳоловчи ташкилотларга баҳолатиб, очиқ аукцион савдоларида сотиш чораларини қўриш ҳамда ер майдонини туман заҳирасига қайтариш таклифини киритди.

Мажлис раиси Н.Вапаев йиғилиш кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилганлигини эълон қилиб, кимда саволлар бўлса, сўзга чиқишни таклиф қилди. Саволлар тушмади.

Юқорида кўриб чиқилган масалаларни таҳлил қилиб, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган акция эгалари овоз бериш бюллетенлари бўйича овоз бериш натижаларига кўра масалалар юзасидан киритилган таклифлар қўллаб – қувватланганлигини инобатга олган ҳолда “URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти акциядорларининг навбатдаги йиллик умумий йиғилиши

Қ А Р О Р     Қ И Л А Д И

  1. Жамиятнинг 2016 молиявий йил якунларига бағишланган навбатдаги умумий йиғилиш регламенти 1-иловага асосан тасдиқлансин.
  2. “URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти Бошқарув органи раиси Кенжаев Улуғбек Каландарович 2016 йилдаги хўжалик юритиш ва жамият иқтисодиётини бошқаришдаги ҳамда ҳисобот йилда белгиланган бизнес – режаларни бажариши юзасидан маърузаси маълумот учун қабул қилиниб, тасдиқлансин ва жамиятнинг 2016 йил хўжалик молиявий фаолияти қониқарли деб топилсин.
  3. Жамиятнинг 2016 йил якуни бўйича молиявий хўжалик фаолияти юзасидан аудиторлик текширув хулосаси тасдиқлансин.
  4. “URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти тафтиш комиссиясининг 2016 йилги хўжалик молиявий фаолияти натижалари юзасидан тайёрланган ва акциядорларга ўқиб, эшиттирилган ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин ва тасдиқлансин.
  5. “URGANCH SHAROB” акциядорлик 2016 йил молиявий хўжалик фаолияти якуни бўйича жамият йиллик ҳисоботини, шу жумладан баланс, молиявий натижалар, фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботлари маъқуллансин ва йиллик якуний баланси актив бўйича 18607,4 млн.сўм, пассив бўйича 18607,4 млн.сўм ҳолатида тасдиқлансин.
  6. Жамиятнинг 2016 йил соф фойдасининг 25 фоизи дивидендларга ҳамда 75 фоизи Ўбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 январдаги 36-сонли қарорига асосан Тошкент вилояти Паркент туманида Узумни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш учун йўналтирилсин.
  7. 2016 молия йили натижаси бўйича 2058,2 млн.сўм миқдорида соф фойда олишга эришилган. Шундан: 
Кўрсаткичлар Суммаси (минг сўмда) Фоизи
Соф фойда 2 058 224 100,0
Акцияларга дивиденд 514 556 25,0
Ўбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 январдаги “Тошкент вилояти ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 36-сонли қарорига асосан Тошкент вилояти Паркент туманида Узумни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш учун 1 543 668 75,0

 

Бунда оддий ва имтиёзли акцияларнинг ҳар бирига 213,64 сўмдан дивиденд тўланади. Дивидендлар акциядорлар умумий йиғилиши қарор қабул қилгандан кейин 60 кун, яъни 2 ой давомида қонуний тўлов воситаси, пул шаклида тўланади, юридик шахсларга пул ўтказиш йўли билан, жисмоний шахсларга пластик карточкаларига пул ўтказиб бериш йўли билан тўлансин.

  1. “URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти Кузатув кенгашининг 2016 йилги хўжалик молиявий фаолиятининг натижалари юзасидан тайёрланган ва акциядорларга ўқиб эшиттирилган ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин ва тасдиқлансин Кузатув кенгашининг 2016 йилги фаолияти қониқарли деб топилсин.
  2. Жамиятнинг 2017 йил учун тузилган ва ўқиб эшиттирилган 23 834 млн.сўм миқдоридаги 547 минг дал ароқ, 120 минг дал вино, 4,7 минг дал конъяк ишлаб чиқариш, 2500 млн.сўм миқдорда соф фойда олиш режалаштирилган “Бизнес – режаси” маълумот учун қабул қилинсин ва тасдиқлансин.
  3. Жамият Кузатув кенгаши аъзоларига улар ўз вазифаларини бажариб турган давр учун ҳақ тўловларининг миқдорлари ҳар ойда қуйидагича белгилансин;

– Кузатув кенгаши раисига Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақинининг 6 баробари миқдорида;

– Кузатув кенгаши аъзоларига Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақинининг 4 баробари миқдорида.

  1. Жамият тафтиш комиссияси аъзоларига улар ўз вазифаларини бажариб турган давр учун ҳақ тўлаш масаласи акциядорларнинг кўпчилик овоз қаршилиги билан рад этилсин.
  2. Жамият Кузатув кенгаши аъзолари янги таркибини сайлаш масаласи бўйича ўтказилган  “Кумулятив” овоз бериш натижаларига кўра энг кўп овоз олган Вапаев Низомиддин (3142814 та овоз), Ниязова Дэрия (1798975), Назарова Мавлюда (1750183), Қодиров Абдурасул (1315744), Атабаев Валерий (1099930) номзодлари Кузатув кенгаши аъзолигига сайланган деб ҳисоблансин. Таркибга сайлаш учун сайлов бюллетенларига номзоди киритилган Ақилханов Олимжон (4499) етарли овоз олмаганлиги учун жамият Кузатув кенгаши аъзолигига сайланмаган деб ҳисоблансин.
  3. Ўтказилган сайлов натижалари бўйича жамият тафтиш комиссияси аъзолигига Ибрагимова Нодира;
    Ражабов Шерзод;
    Атаев Шоназар номзодлари сайланган деб ҳисоблансин. Таркибга сайлаш учун сайлов бюллетенларига номзоди киритилган Борсукова Виктория етарли овоз олмаганлиги учун жамият Тафтиш комиссияси аъзолигига сайланмаган деб ҳисоблансин.
  4. Ўтказилган сайлов натижалари бўйича ижро органи аъзолигига
    Кенжаев Улуғбек;
    Артиқов Атабай;
    Машарипов Ахмаджон;
    Салаев Хайрилло;
    Матмуратов Мирзо номзодлари сайланган деб ҳисоблансин.
  5. “URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти раислигига ўтказилган сайлов натижалари бўйича Кенжаев Улуғбек Каландарович бир овоздан сайланган деб ҳисоблансин ва у билан Кузатув кенгаши раиси ўртасида жамият акциядорларининг кейинги навбатдаги умумий йиғилишига қадар меҳнат шартномаси тузилсин.
  6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2016 йил 20 декабрдаги 294-мҳ-сонли буйруғига асосан қонунчиликда белгиланган тартибда жамият Уставининг янги таҳрири қайта рўйхатдан ўтказилсин.
  7.  Жамиятнинг корпоратив бошқарув тизими “INTELLIGENT ANALYTICS GROUP” МЧЖ томонидан энг юқори кўрсаткич +1200 ва энг кам кўрсаткич -1200 шкаласи бўйича ўтказилган баҳолаш натижаси билан 25 балл билан баҳоланиб, қониқарли деб топилганлиги тасдиқлансин.
  8. Жамият бошқарувнинг 2016 йил 29 январдаги 4-сонли йиғилиш баёнига асосан Болалар спортини ривожлантириш жамғармасига 10 млн.сўм ҳомийлик маблағини ҳамда 2016 йил 29 августдаги 26-сонли йиғилиш баёни билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 августдаги “Жиззах вилоятида 2016 йилги пахта хосилини ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш бўйича амалга ошириладиган вазифалар тўғрисида”ги  73-сонли йиғилиш баёнлари ижросини таъминлаш бўйича жамиятимиз томонидан 80 кишини Жиззах вилояти Мирзачўл туманига пахта-йиғим теримига жалб қилиш учун 204 млн.сўм сарфлаш тўғрисидаги йиғилиш баёнлари тасдиқлансин.
  9. “O`zvinosanoat-xolding” холдинг компаниясининг 2017 йил 10 мартдаги 09/551-сонли, Паркент тумани ҳокимининг 2017 йил 19 апрелдаги 1/637-сонли ҳамда Давлат Архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2017 йил 7 мартдаги 1826/3602-сонли хатларига асосан Паркент тумани А.Навоий кўчасида жойлашган “URGANCH SHAROB” АЖга қарашли Паркент узумни қабул қилиш ва бирламчи қайта ишлаш шахобчасини бузиб олинсин ва ер майдонини туман заҳирасига қайтарилсин. Бузиб олиш билан боғлиқ сарф харажатлар “URGANCH SHAROB” АЖ ҳисобидан амалга оширилсин. Ўбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 январдаги 36-сонли қарорига асосан “URGANCH SHAROB” АЖга Паркент туманида Узумни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш учун 1 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, ушбу лойиҳани амалга оширишда Паркент узумни қабул қилиш ва бирламчи қайта ишлаш шахобчасини асбоб ускуналари, техника ва материалларидан фойдаланилсин. Жамият бошқаруви томонидан замонавий типдаги лойиҳани амалга ошириш учун мос келмайдиган маънавий ва жисмоний эскирган қурилиш материаллари, асбоб ускуналар ва техникаларни белгиланган тартибда аниқласин ва аниқланган замонавий типдаги лойиҳани амалга ошириш учун, мос келмайдиган маънавий ва жисмоний эскирган қурилиш материаллари, асбоб ускуналар ва техникаларни мустақил баҳоловчи ташкилотларга бозор баҳосида баҳолатиб, очиқ аукцион савдоларида сотиш чоралари кўрилсин.

Мазкур йиғилиш қарори йиғилиш ишида музокарага чиққан акциядорлар томонидан билдирилган фикр, талаб, таклиф ва истакларни ҳамда жамиятнинг 2017 йил учун тасдиқланган Бизнес режаси асосий параметрларини тўлиқ равишда бажариб борилишини таъминлаш, жамият бошқаруви раиси У.К.Кенжаев зиммасига юклатилсин. Жамият акциядорларининг мазкур 2016 йил натижаларига бағишланган навбатдаги умумий йиғилиш баёни Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази Хоразм вилояти бошқармасига маълумот учун “URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти ижроия органига амалда бажариш учун юборилсин.

“URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти акциядорларининг 2016 йил якунларига бағишланган умумий ҳисобот йиғилиш иши ўз ишини якунлаган деб ҳисоблансин. Умумий йиғилиш ўтказиш юзасидан эътирозлар билдирилмаганлиги қайд этилсин.

 

Мажлис раиси                          Н.Вапаев

 

Мажлис котиби                    М.Каримов

 

2017 йил 25 май

Овозли ўқиш Press Enter to Read Page Content Out Loud Press Enter to Pause or Restart Reading Page Content Out Loud Press Enter to Stop Reading Page Content Out Loud Screen Reader Support